ДИЙДОРЛАШУВ
(Собиқ синфдошларнинг 50 йиллик учрашувидан)
Истиқлолимизнинг қутлуғ 33 йиллиги арафасида бундан роппа-роса 50 йил муқаддам Хонқа туманидаги 12-ўрта мактабни битказган синфдошларнинг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувга юраклари ҳаприқиб ташриф буюраётган собиқ битирувчилар бир-бирларининг бағрига болаликдаги беғуборлик билан отилишди. Қалбларда ҳаяжон, қувонч, кўзларда севинч ёшлари. Таърифлашга тил ожиз лаҳза.
Йиғилганлар дастлаб қўлларига қалам ушлашни, ёзиш-чизишни ўргатган, саводларини чиқарган биринчи устозлари Пошшажон Норметовани ҳурмат ва эҳтиром билан эслашди. Шундан сўнг меҳр ва фидойилик тимсоли бўлган, ҳаммаларини бирини-биридан зиёд кўрган, мустақил ҳаётда ўз ўринларини топишларида жонкуярлик қилган, ўзлари буюк санаб келаётган устозлар Бибижон Худойназарова, Рўзибой Ваисов, Юсуфбой Рўзибоев, Ўринбой Жуманиёзов, Шоназар Ҳажиев, Отажон Саъдуллаев ва бошқа мураббийларни кўнгиллари юмшаб қайта-қайта ёдга олишди. Учрашувга таклиф қилинган, Ҳозирда бахтиёр қарилик гаштини сураётган моҳир математик Сафармат Юсупов ўтган устоз ва шогирдлар ҳақида тўлқинланиб гапирганда тўпланганларнинг юзига маъюслик иниб, хонада жимлик ҳукм сурди.
Албатта, ҳаёт ўткинчи, умр оқар дарё. Шу ўринда қанча оғир бўлмасин, бир нечталаб синфдошларнинг ушбу учрашувда орамизда бўлмаганликлари юрагимизни ўртади. Чунончи, бир умр вилоят йўл қурилиши соҳасида меҳнат қилган Қадамбой Ёқубов, касб-ҳунар коллежида ёшларга устозлик этган Боғибек Жуманиёзов, колхоз ишлаб чиқаришида кўп йиллар тер тўккан Хасанбой Қурамбоев, ички ишлар тизимида фаолият юритган Баҳодир Жуманиёзов каби синфдошларнинг ҳар бири бир дунё эдилар. Уларнинг болаликлари, фаолиятлари тўғрисида соатлаб гапириш мумкин. Бир туйғу қалбларимизга тасалли бағишлайди. Синфдошларимизнинг излари обод, фарзандлари ота-оналари рўёбга чиқаришга улгурмай кетган орзуларини амалга оширишяпти. Улар доим бизнинг ёдимиздалар, ёнимиздалар.
Кечада ўқувчилик давридаги хотиралари билан ўртоқлашган, устозлари этагини тутиб, муаллимлик касбини эгаллаган, эндиликда ўзлари устозлик даражасига етган Рустамбой Бейметов, Камол Жуманиёзов, Қутлибика Собирова, Болтабика Шерметова ва кўплаб бошқа соҳаларда хизмат қилган Ҳакимбой Қурбонбоев, Сотимбой Матёқубов, Ҳакимбой Ваисовлар чуқур таълим-тарбия берган, маънавият ва маърифатга, маданиятга етаклаган, касбга ундаган устозларига мингдан-минг раҳмат ва чексиз ҳурмат ёғдиришди.
Шу ерда устозларнинг устози, вилоят халқ таълимининг отаси дея эътироф этилган, ушбу сатрлар муаллифи кўп йиллар ёнма-ён ишлаш бахтига мушарраф бўлган Икром Юнусов қайта-қайта тилга оладиган буюкларимизнинг “ Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касблар ичида энг шарафлиси муаллимликдир” деган фикрлари ёдга келди. Дарҳақиқат, донишмандлар, юрт дарғалари-да ўқитувчидан сабоқ олади. Шундай экан, мен фахрий устоз сифатида соҳага қадам қўяётган ёш издошларимизни касбларини эъзозлашга даъват қиламан. Зеро, кимки, ўқитувчиликни улуғлабди, халқ уни бошига кўтаради, номлари авлодлардан авлодларга ўтиб, мангулик касб этади.
Матёқуб ЖУМАНИЁЗОВ,
учрашув қатнашчиси, халқ таълими фахрийси.
Boshqa maqolalar
ДИЙДОРЛАШУВ
personmaftuna 30-10-24, 13:52(Собиқ синфдошларнинг 50 йиллик учрашувидан) Истиқлолимизнинг қутлуғ 33 йиллиги арафасида бундан роппа-роса 50 йил...
FUQAROLIK HOLATI DALOLATNOMALARINI YOZISH BO‘LIMLARINING
personmaftuna 12-03-24, 17:40Fuqarolik holati dalolatnomalarini yozish organlarining vazifasi jismoniy va yuridik shaxslarga fuqarolik holatlari...
KITOB MUTOLAASI UNING FOYDASI QANDAY?
personKuzatuvchi 09-12-23, 21:57Kitob nafaqat bilimlar manbai balki, tarbiya quroli hisoblanadi. U bilan hayotimiz mazmunli va rang-barang,...