ТЕНГҚУРЛАРИНИ ҲАЙРАТЛАНТИРИБ
Фарзанднинг баркамол, келажакда малакали илм ёки ҳунар эгаси бўлиб етишишида оила муҳити етакчи роль ўйнайди. Шу маънода замон талабини англаб, яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган Ғуломжон Собиров ва тиббиёт соҳасида иш олиб бораётган Шоира Шерметовалар ўғилларининг эртаси ҳақида астойдил қайғурмоқдалар. Чуқур билим эгаллашлари, ўз қобилиятларини намоён этишлари учун барча шароитларни яратиб беряптилар. Жумладан, болалигидан спортга меҳр қўйган кенжа фарзандлари Сирожбекдан умидлари катта.
- Сирожбек Саъдуллаев бошланғич синфларда тарбияланаётган пайтдаёқ ўзининг чаққонлиги, зукколиги, тиришқоқлиги билан тенгдошларидан ажралиб турарди, - дейди у ўқиган Хива туманидаги 16-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Қувончой Ёвбосарова. – Хусусан, 2-синфдан илм даргоҳимизнинг спорт тўгарагига қатнаб юрганлигини яхши эслайман. Бугун унинг ютуқларини эшитиб фахрланяпман.
Ҳа, бўлғуси спортчи беш йилдирки, Хива шаҳар олимпия ва миллий спорт турларига ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатида тарбияланмоқда. 5-синфдан ушбу муассасага имтиҳон асосида қабул қилинган. Дастлабки устози Сайёра Бобожонова унга меҳр кўрсатиб, тенгқурлари билан тез тил топишиб кетишига ёрдам берган.
Қувонарли томони шундаки, С.Саъдуллаев бу ерда аллақачон ўзини кўрсатишга улгурган. Устозлари Бекпўлат Собиров, Мирослав Худойберганов, Санжар Сафоевларнинг бевосита кўмагида спортнинг каратэ WKF тури бўйича қатор мусобақаларда ғолибликка эришиб, мактабдошларини ҳайратга соляпти.
Бинобарин, 2022 йилда барча ёш тоифалари бўйича Ўзбекистон кубоги баҳсларида совринли ўринни қўлга киритиб, Ўзбекистон Республикаси спортни ривожлантириш вазирлигининг III даражали дипломи билан тақдирланди. Шунингдек, шу йили Қирғизистонда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида биринчи ўринга сазовор бўлиб, олтин медаль соҳибига айланган. Жорий йилнинг апрель ойида ўтказилган Ўзбекистон кубогида эса фахрли иккинчи ўринни эгаллаб Ўзбекистон Республикаси спорт вазирлигининг II даражали дипломи билан мукофотланди.
Мамлакатни дунёга танитадиган спортимизнинг эртаси бўлмиш Сирожбек эндиликда янги-янги орзулар оғушида яшамоқда. Бу устоз ижодкоримиз, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Эҳтиром” мукофоти совриндори Раҳимбой Каримовнинг унинг тилидан битган қуйидаги шеърида акс этиб турибди.
MEN CHEMPION BO‘LAMAN!
Jonim fido Vatanga,
Mehri sig‘mas jon-tanga.
Dong taratib olamga,
Men chempion bo‘laman!
Qo‘lda bor katta imkon,
Dadil oshaman dovon,
Qadamim tashlab ravon,
Men chempion bo‘laman!
Bo‘lib men sodiq o‘g‘lon,
Oldga intilib har on.
Bo‘lib g‘olib pahlavon,
Men chempion bo‘laman!
Bordir bobom Yurtboshim,
Mehri oftob quyoshim,
Baland tutib bu boshim,
Men chempion bo‘laman!
Ona xalq mehri dalda,
Kuch-quvvat har mahalda,
Men aytaman ming karra,
Men chempion bo‘laman!
М.СОТИМОВА,
“Xorazm ma’rifati” мухбири.
Boshqa maqolalar
ТЕНГҚУРЛАРИНИ ҲАЙРАТЛАНТИРИБ
personmaftuna 30-10-24, 13:48Фарзанднинг баркамол, келажакда малакали илм ёки ҳунар эгаси бўлиб етишишида оила муҳити етакчи роль ўйнайди. Шу...
ДИЁРБЕКНИНГ ДОВРУҒИ
personmaftuna 30-10-24, 13:46Истиқлол шарофати билан бугун юртимиз тараққиётнинг юксак босқичига кўтарилди. Она Ўзбекистон бутун бўй-басти билан...
“АДЛИЯДА БАҲОР” УРГАНЧ ТУМАНИ АДЛИЯ БЎЛИМИДА АНА ШУНДАЙ
personmaftuna 21-03-24, 23:47Ўлкамизга фасллар келинчаги дея таърифланадиган, улуғланадиган баҳор кириб келди. Баҳор – уйғониш, яшариш-яшнатиш...