ДИЁРБЕКНИНГ ДОВРУҒИ
Истиқлол шарофати билан бугун юртимиз тараққиётнинг юксак босқичига кўтарилди. Она Ўзбекистон бутун бўй-басти билан жаҳон ҳамжамиятида ўзини кўз-кўз қилмоқда. Айниқса, спорт соҳасида эришаётган ютуқларимизни таърифлашга тил ожиз.
Диёрбек катта ареналарда давлатимиз байроғини баланд кўтараётган машҳур спортчиларимизнинг издоши. Келгусида жонажон ватанини дунёга янада кенгроқ танитишни мақсад қилган ёш истеъдод соҳиби ҳозирда Урганч шаҳридаги 28-умумтаълим мактабининг 7-синфида таълим олмоқда. Аъло ўқиш, жамоат ишларида фаол қатнашиш билан бирга бўш пайтларида спортнинг қўл жанги тури билан шуғулланяпти.
-Диёрбек нафақат синфимизнинг балки, мактабимизнинг энг тартибли, интилувчан ўқувчиларидан, - дейди унинг синф раҳбари Дурдона Авезова. – Биз уни ҳамиша тенгдошларига ўрнак қилиб кўрсатамиз. Шуниси таҳсинга сазоворки, Диёрбек бошқа ўқувчиларни ҳам изидан эргаштираётир.
Д.Бахтиёровнинг спортда қўлга киритаётган муваффақиятларида устози, Урганч шаҳар спорт мактаби мураббийи Шавкат Ёқубовнинг ҳиссаси катта. Зеро, у қўл жанги спорт тури бўйича бир неча бор Ўзбекистон чемпиони бўлган. Мазкур масканда беш йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Шогирдлари эндиликда кўзга кўринган спортчилар.
-Диёрбек менинг иқтидорли, умидли шогирдларимдан бири, -дейди Ш.Ёқубов. – Тўгарак машғулотларимизда мунтазам қатнашиб келяпти, ҳаракатчан. Шу боис ютуқлари ҳам кун сайин ошиб бораётир. Жумладан, шу йилнинг июнь ойида спортнинг қўл жанги тури бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган вилоят чемпионатида энг юқори ўринни эгаллади. Мустақиллигимизнинг 33 йиллигига бағишлаб сентябрь ойида уюштирилган мусобақаларда ҳам биринчи ўринга муносиб кўрилди.
- Неварамнинг ютуқларини кўриб, гўё яшаргандай бўламан, - дейдилар ёш спортчининг бувиси, меҳнат фахрийси Ҳуржоной она Бекниёзова. –Демак, фарзандимизнинг ўқишига, тарбиясига қаратаётган эътиборимиз, қўллаб-қувватлаётганимиз жой тушяпти. Мен ҳаммамизнинг ўғил-қизларимиз келажакда таниқли спортчи, олим, ижодкор, малакали касб эгалари бўлиб етишишларини истайман.
Мафтуна СОТИМОВА,
журналист.
Boshqa maqolalar
ДИЁРБЕКНИНГ ДОВРУҒИ
personmaftuna 30-10-24, 13:46Истиқлол шарофати билан бугун юртимиз тараққиётнинг юксак босқичига кўтарилди. Она Ўзбекистон бутун бўй-басти билан...
“АДЛИЯДА БАҲОР” УРГАНЧ ТУМАНИ АДЛИЯ БЎЛИМИДА АНА ШУНДАЙ
personmaftuna 21-03-24, 23:47Ўлкамизга фасллар келинчаги дея таърифланадиган, улуғланадиган баҳор кириб келди. Баҳор – уйғониш, яшариш-яшнатиш...
ТЕНГҚУРЛАРИНИ ҲАЙРАТЛАНТИРИБ
personmaftuna 30-10-24, 13:48Фарзанднинг баркамол, келажакда малакали илм ёки ҳунар эгаси бўлиб етишишида оила муҳити етакчи роль ўйнайди. Шу...