Kuzatuvchi » Ijtimoiy » ТАРБИЯСИ ОҒИР БОЛАЛАР ТУШУНЧАСИ: УНИНГ ЭМОЦИОНАЛ-ПСИХИК ҲОЛАТЛАРДА НАМОЁН БЎЛИШИ

ТАРБИЯСИ ОҒИР БОЛАЛАР ТУШУНЧАСИ: УНИНГ ЭМОЦИОНАЛ-ПСИХИК ҲОЛАТЛАРДА НАМОЁН БЎЛИШИ

Тарбияси оғир болалар муаммоси азалдан энг долзарб муаммолардан бири бўлиб келган. Бу муаммонинг юзага келиш сабабларини чуқур таҳлил қилар эканмиз, энг аввало, туғилган болани дунёга келтирган шахсларнинг кимлиги, иккинчидан, у қандай ижтимоий муҳитда вояга етиб, улғаяётганлигига эътиборни қаратишимиз лозимдир. Собиқ Иттифоқ даврида шахс хулқ-атворига ирсий омиллар ва унинг табиий хусусиятлари таъсир қилиши ҳақидаги қарашлар инкор этилар эди. Бироқ Н.П.Дубинин, В.П.Эфроимсон, Н.С.Констонистов, Б.Ф.Сергеев ва бошқа генетик, шахснинг генетик хусусиятлари, ундаги баъзи туғма касалликлар ва хусусиятлар ҳам шахс хулқ-атворининг шаклланишигабевосита ва билвосита таъсир этишини эътироф этганлар.

Кўпчиликнинг фикрига қараганда охирги пайтларда тарбияси оғир болалар билан боғлиқ муаммоларнинг тез-тез учраб туриши ва улар сонининг кескин ошганлиги таъкидланади. Шунингдек, бумуаммони бир қанча ташқи сабабларга боғлаш мумкин, яъни, ҳозирги вақтда ахборот оқимининг юқорилиги (узлуксиз телевизор кўриш, компьютердаги ҳар хил ўйинлар эпизодларига тақлид қилиш, Internet тизимидаги норасмий сайтлар орқали ҳар хил номақбул ахборотларни ўзлаштириши) ёки катталарнинг эътиборидан четда бўлиши, оиладаги коизис ва ҳоказолар. Бу омилларни инкор этмаган ҳолда, мазкур муаммонинг туб сабабларини боланинг психик тараққиётидан қидириш лозим. 

Одатда ҳулқ оғишлар ўспиринлик даврида юзага келади. Ўспиринлик даври ёшлик даврлари ичида энг мураккабидир. Уни ўтиш даври ҳам деб аташади, чунки бу давр мобайнида болаликдан йигитликка ўтиш рўй беради ва бу жараён ўсмир ривожланишининг барча жиҳатлари-анотомик-физиологик тузилиши, ақлий, ахлоқий ривожланишида ўз таъсирини кўрсатади. 

Ўсмирлик даврида ўсмир ҳаёти ва фаолиятида жиддий ўзгаришлар рўй беради, бу эса ўз навбатида руҳиятнинг қайта шаклланишига, тенгдошлари билан муносабатларнинг янги шакллари пайдо бўлишига олиб келади. Ўсмирнинг ижтимоий мақоми ўзгаради. Унга нисбатан катталар томонидан янада жиддийроқ талаблар қўйила бошлайди. Жамиятда қабул қилинган қоидалар, хулқ-атвор нормаларидан четга чиққан ўсмирларни қийин ўсмир ёки қийин тарбияланадиган ўсмир дейишади. Қийин тарбияланиш деганда педагогик таъсирга қаршилик кўрсатиш тушунилади. Ўсмирнинг қийин тарбияланиши, у томонидан қабул қилинган норма ва қоидаларга амал қилинмаслиги фанда ҳулқ оғиш ҳодисаси орқали ўрганилади. 

Ҳулқ оғиши ҳам инсонга, ҳам уни ўраб турган оламга хос бўлган ўзгарувчанлик ҳодисасининг жиҳатларидан бири ҳисобланади.Ижтимоий соҳада ўзгарувчанлик ҳодисасининг жиҳатларидан бири ҳисобланади. Ижтимоий соҳада ўзгарувчанлик фаолиятга боғлиқ ва инсоннинг атрофдагилар билан ўзаро муносабатини акс эттирадиган хулқ-атворида ўз ифодасинитопади. Аввал айтиб ўтганимиздек, хулқ-атвор норма ва четга чиққан бўлади. 

Баъзан кечқурун бир ерга тўпланган болалар даҳшатли воқеаларни ҳикоя қила бошлайдилар, яна бунинг устига кескин эмоционал тугалланишда–охирги сўзида ҳикоячи тўсатдан қичқириб юборади, ёнида ўтирган боланинг қўлидан бирдан ушлаб олиб уларни қўрқитади. Бундан кейин одатда «даҳшатли қичқириқ», кулги ва агрессияни емиришга йўналтирилган психик энергияни бўшатиб юборувчи – мотив кузатилади. Бундай ҳолат баъзан психик аппаратнинг мослашиш тартибини бузиб юборади. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш истагидаги ота-оналар фарзандлари учун яхши шароитларни яратиш мақсадида, уни ҳар қандай ёқимсиз ҳодисадан, кучли кечинмалардан ҳимоя қилиш учун психолог маслаҳатига тез-тез мурожаат қилишади. 

Болалар қўрқуви унинг тараққиётининг одатий ҳодисасидир. У бола учун зарурий аҳамиятга эга. В.В.Лебединский таъкидлаб ўтганидек, ҳар қандай қўрқув ёки қўрқув тури фақат аниқ бир ёш даврида кузатилади, ҳар бир ёш даврининг «ўзининг» қўрқуви бор, нормал ривожланишда маълум бир вақтда йўқолади. 

Қўрқувнинг намоён бўлиши боланинг психомотор тараққиётининг бирдан ўзгариши билан вақтинчалик муносабатига мос келади, масалан: бола фазони ўзлаштириб олганида ва мустақил юришнинг бошланишида ёки ўзининг яқинларини таний бошлаганида бегона кишининг пайдо бўлиши унда қўрқувни чақириши мумкин. Болалар қўрқуви нормал тараққиётнинг муҳим қисми ҳисобланади. Қўрқув бола хулқини тартибга солади ва мослашишда ижобий мақсадга эга. Қўрқув бошқа ҳиссиётлар каби ўз вазифасини аниқ бажариб кейин ғойиб бўлганида фойдали. Бола тараққиётининг издан чиқмаслиги, бузилмаслиги учун ёш даврларига хос бўлган, нормал қўрқувдан коррекция қилиниши талаб қилинадиган патологик қўрқувни ажратиб олиш керак. 

Патологик қўрқувни муайян мезонлар билан ажратиб олиш мумкин: агар қўрқув шахс тараққиётига, психикага, мулоқотга киришишга тўсқинлик қилса, ижтимоий мослашишнинг қийинлашувига олиб келса ва ундан кейин аутизмга, психик касалликларга олиб келса бу шубҳасиз патологик қўрқувдир. Қўрқув бузилишдан мустақил ҳам бўлиши мумкин (масалан, катта итга тўқнаш келганда қаттиқ қўрқувни ҳис қилиш). Баъзан шахс бузилиши билан ҳам намоён бўлиши мумкин. Бу ҳодисаларнинг ҳаммасида умумий соғломлаштирувчи психотерапия бутун психиканинг ишини яхшилаш учун фойдали. Бунда чиниқтириш жараѐни боланинг кун тартиби ва овқатланишини тартибга солиш билан бир қаторда олиб борилиши лозим. Уйқу олдидан сайр фойдали, бу бола организми ва психикасига яхши таъсир қилади ва яна бола қўрқув ҳақида эмас дам олиш ҳақида ўйлайди. Модомики, организм ва психика бир бутунликни ташкил қилар экан, бирининг яхши ёки ёмон ҳолати иккинчисига таъсир қилади. Бола қўрқувини йўқотишдаги коррекция ишида бир қанча қўлланмаларни кўрсатиш мумкин. Коррекция усули боланинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда танланади ва самарадорлик ҳам боланинг индивидуал хусусиятларига боғлиқ. 

Хулқи оғир болалар психологияси якка ҳолда мукаммалликка эриша олмайди. У ҳам бошқа фанлар каби ижтимоий фан ютуқларидан фойдаланади ва мазмунан бойиб боради. Ҳозирги кунимизда умумбашарият томонидан яратилган билимлар ва тажрибалар хулқи оғир болалар психологияси фаниучун манба бўлади. Бошқа фанлар каби хулқи оғир болалар психологияси фани ҳам ҳар бир инсоннинг ижтимоий камолотигахизмат қилади. Шу сабабли психология ва социология, этика ва эстетика, фалсафа, тарих, иқтисод каби фанлар билан узвий алокададир. Ўқитувчи, тарбиячи ўқувчиларга тизимли таъсир кўрсатади.

Бунда психология ва ижтимоий омилларга асосланади яъни кўрсатилаётган таъсирнинг самарасини билиш учун ўқувчининг сезги, идроки, тасаввур, диққат ва тафаккур-фикрлаш жараёнининг қандай кечаётганини билишига асосланиб таъсир кўрсатиш режасини белгилайди. Демак, хулқи оғир болалар психологияси фани психология ва социология фанлари билан ҳам узвий боғланган. 

Ёш нихол тўғри ўсиб униши учун унга аввало, тўғри парвариш керак. Жумладан, бола дунёга келгандан бошлаб тарбиясини тўғри ташкил қилиш зарур. Тарбияси тўғри ташкил қилинмаса оқибатда, хулқи оғир шахсга айланиши ва жамиятнинг оғриқли нуқтаси бўлиб қолиши мумкин. 

Маъқуллаш, ишонч билдириш, мукофотлаш каби воситалар ёрдамида хулқи оғир ўқувчиларни нормал ўқувчилар сафига киритиш мумкин. Танбеҳ, огоҳлантириш, ҳайфсан, синфдан-синфга, мактабдан-мактабга ўтказиш каби жазо чоралари ҳам ижобий натижа бериши мумкин. Шундай экан, тараққиётли юртда айрим хулқи оғир, ҳуқуқбузарликка мойил ўқувчилар билан олиб бориладиган коррекцион ишларга эҳтиёж сезиш табиий, албатта. Коррекцион ишлар маъно мохиятидан маълумки, уни биринчи галдаги вазифаси ҳуқуқбузарликка мойилликнинг олдини олиш бўлса, иккинчидан, шундайлар тоифаси устида тузатиш коррекцион ишлари олиб боришни ўз-ўзида мужассамлаштиради.

 

Мафтуна ЗАРИФОВА,

вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази психологи, катта лейтенант.


Boshqa maqolalar

“BUILD SALE GROUP” МАСЪУЛИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ЖАМИЯТИ АХБОРОТ

personmaftuna 13-05-24, 01:27
0 “BUILD SALE GROUP” МАСЪУЛИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ЖАМИЯТИ АХБОРОТ МАСЛАҲАТ  ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШ САВДОЛАРИГА Т А К Л И Ф    Э Т А Д И

1.Қўшкўпир тумани умумий овқатланиш унитар корхонаси балансидаги Айронкўл маҳалласи Аз-Замахшарий кўчаси, 158-уйда...

ОРЗУЛАРИМ РЎЁБИ – КЕЛАЖАККА ҚАНОТ

personKuzatuvchi 09-12-23, 20:25
0 ОРЗУЛАРИМ РЎЁБИ –  КЕЛАЖАККА ҚАНОТ

Инсон олдига қўйган мақсади бўй кўрсатса бир қур орқасига разм солади. Муваффақиятининг омилини, унга етаклаган...

K O R R U P S I YA U JAMIYAT VA DAVLAT UCHUN IJTIMOIY

personmaftuna 07-05-24, 23:44
0 K O R R U P S I YA  U JAMIYAT VA DAVLAT UCHUN IJTIMOIY XAVFLI ILLATDIR

Korrupsiya so‘nggi yillarda xalqaro miqyosda transmilliy jinoyat sifatida xalqaro tashkilotlar tomonidan keng muhokama...

menu
menu