Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига мувофиқ, никоҳланувчиларнинг ўзаро розиликлари ва уларнинг никоҳ ёшига етганликлари никоҳ тузишнинг асосий шартлари ҳисобланади. Узрли сабаблар мавжуд бўлганда, алоҳида ҳолатларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаганнинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши — эмансипация), никоҳ тузишни хоҳловчи шахсларнинг илтимосига кўра, никоҳ тузилганлигини қайд этиш жойидаги туман, шаҳар ҳокими томонидан никоҳга кириш ёши бир йилдан кўп бўлмаган муддатга камайтирилиши мумкин. Никоҳ никоҳ тузишни хоҳловчи шахслар бу тўғрида белгиланган намунадаги ёзма ёки электрон ариза билан мурожаат этган кундан кейин бир ой ўтгач ФҲДЁ органи томонидан қайд этилади. ФҲДЁ органлари томонидан никоҳланувчи шахсларнинг никоҳ тузилганлигини қайд этиш тўғрисидаги аризасини қабул қилишда белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма берилади. Никоҳни қайд этиш фақат никоҳланувчи шахсларнинг иштирокида амалга оширилади. ФҲДЁ органлари никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтганлигига ҳамда ушбу текширувларнинг натижалари тўғрисида уларнинг хабардор эканлигига ишонч ҳосил қилиши кера. Никоҳнинг ишончнома бўйича ёки вакил орқали, шунингдек тиббий текширувдан ўтганлиги тўғрисида маълумотнома бўлмаганда қайд этилишига йўл қўйилмайди.
З. ЙЎЛДОШЕВА,
Янгибозор тумани ФҲДЁ бўлими инспектори.