Kuzatuvchi.uz / ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ТАЪМИНЛАНАДИГАН ПРОТЕЗ МОСЛАМАЛАРИ ВА РЕАБИЛИТАЦИЯ ВОСИТАЛАРИНИНГ ТУРЛАРИ КЕНГАЙТИРИЛАДИ

ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ТАЪМИНЛАНАДИГАН ПРОТЕЗ МОСЛАМАЛАРИ ВА РЕАБИЛИТАЦИЯ ВОСИТАЛАРИНИНГ ТУРЛАРИ КЕНГАЙТИРИЛАДИ

            “Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-88-сон, 27.02.2024 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2024 йил 1 майгача давлат томонидан кафолатланган тарзда таъминланадиган протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари турлари 18 тадан 30 тага кенгайтирилади.

2024 йил 1 майдан:

протез мосламалари ва реабилитация воситалари хариди учун давлат томонидан муҳтож шахсларга қоплаб бериладиган маблағлар миқдорини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб ўртача 3 бараваргача, айрим воситаларнинг турлари эса 10 бараваргача оширилади;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг протез мосламалари ва реабилитация воситаларига муҳтожлиги алоҳида тиббий хулоса расмийлаштирмасдан ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома асосида белгиланади;

ногиронлик гуруҳига эга бўлмаган пенсия ёшидаги шахсларнинг протез мосламалари ва реабилитация воситаларига муҳтожлиги тўғрисидаги тиббий хулоса “Тиббий-ижтимоий экспертиза” электрон ахборот тизимида расмийлаштирилади.

2024 йил 1 майгача Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида, 2024 йил 1 октябргача республиканинг бошқа барча ҳудудларида муҳтож шахсларни протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан ваучер асосида таъминлаш тартиби жорий этилади.

Х.МАТКАРИМОВ,

Янгиариқ тумани юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсулти.

29-03-2024, 05:55
Saytga qaytish