“Ўзбекистон Республикасида электромобиль ва гибрид автомобиллар ҳамда уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги инвестиция шартномасини тасдиқлаш ҳақида”ги Президент қарори (ПҚ-132-сон, 18.03.2024 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, инвестиция шартномасига қуйидаги масалаларни қўшиш бўйича Инвестор билан музокаралар олиб борилади:
Инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг кейинги даврларида электромобиль ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқариш қувватини босқичма-босқич йилига 500 минг донагача ошириш;
Инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг кейинги даврларида ишлаб чиқариладиган электромобиль ва гибрид автомобилларнинг маҳаллийлаштириш даражасини 60 фоизгача етказиш;
маҳаллий аҳоли учун 10 000 та янги иш ўринларини яратиш;
ишлаб чиқарилган электромобиль ва гибрид автомобилларни қўшма корхона томонидан белгиланган экспорт давлатларидан ташқари доимий равишда экспорт қилинадиган давлатлар рўйхатини кенгайтириш;
сифатли ва хавфсиз электромобиль ва гибрид автомобилларни харид қилиш, уларнинг маҳаллий иқлим шароитларига мувофиқлигини таъминлаш ҳамда кафолатли сервис хизматини кўрсатиш бўйича истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини ишлаб чиқиш;
барча автомобиль ишлаб чиқарувчи корхоналарга, шу жумладан Инвесторга, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган имтиёз ва преференцияларни беришда тенг шартлар ва шароитларни яратиш.
Х.МАТКАРИМОВ,
Янгиариқ тумани юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсулти.