Kuzatuvchi.uz / ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТ СОҒЛОМ ҲАЁТНИ БЕЛГИЛАЙДИ

ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТ СОҒЛОМ ҲАЁТНИ БЕЛГИЛАЙДИ

Ёз фасли – бу болалар ва ёшлар учун нафақат мароқли ҳордиқ чиқариш палласи, балки уларнинг дунёқараши, онгини шакллантиришга хизмат қиладиган муҳим тарбия жараёни ҳамдир. Айниқса, бугун экологик муаммолар кескин тус олаётган даврда ёшларни атроф-муҳитга масъулият билан муносабатда бўлишга ўргатиш Давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 15-майдаги “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш консепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур Қарор ижросини таъминлаш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси билан кенг кўламли чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Айниқса, “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида ёшлар ўртасида экологик тарбияни кучайтиришга қаратилган амалий ташаббусларнинг йўлга қўйилгани алоҳида эътиборга лойиқдир.
30 июнь – Ёшлар куни арафасида Ўзбекистон Экологик партияси Хива шаҳар Кенгаши томонидан Республика Маънавият ва маърифат маркази Хива шаҳар бўлинмаси, шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Хива шаҳридаги “Алпомиш” ёзги болаларни соғломлаштириш оромгоҳида “Она табиатни асрайлик!” шиори остида экологик-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий қисми Фавқулодда вазиятлар бўлими инспекторлари иштирокида ўтказилган амалий машғулотларга бағишланди. Унда оромгоҳ ёшлари учун табиат қўйнида юзага келиши мумкин бўлган ёнғинлар, бошқа табиий офатлар вақтида қандай ҳаракат қилиш кераклиги, хавфсизлик техникаси, тезкор эвакуация тартиб-қоидалари ҳақида тушунчалар берилди. Ёшлар ушбу машғулотлар орқали нафақат назарий билим, балки зарурий кўникмаларни ҳам эгалладилар.
Тадбир давомида болаларнинг фикрлаш ва ақлий салоҳиятини ривожлантириш мақсадида шаҳмат-шашка мусобақалари, экологик викториналар ҳам ўтказилди. Бундай интерактив ўйинлар ёшларнинг экологик масалаларга бўлган қизиқишини оширади, билимларни мустаҳкамлашга ёрадам беради.
Оромгоҳ саҳнасида маданий-концерт дастури ҳам намойиш этилди. Хива шаҳар маданият бўлимининг санъаткорлари ва ёш иқтидор эгалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар иштирокчиларда кўтаринки кайфият уйғотди. 
Тадбир якунида фаол қатнашган ёшлар Ўзбекистон Экологик партиясининг эсдалик совғалари билан тақдирланди. 
– Биз ёшлар билан тизимли ишлашга катта эътибор қаратяпмиз. Чунки бугун ўргатилган экологик маданият эртанги куннинг соғлом ҳаёт тамойилларини белгилайди, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Хива шаҳар бўлинмаси раҳбари Л.Отажонова.
Мазкур тадбир – ёшларни экологик онгли шахс этиб тарбиялаш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир. Табиатни асраб-авайлаш мутасадди идораларнинг эмас, балки ҳар бир фуқаронинг, айниқса, ёшларнинг ҳаётий эътиқодига айланиши керак. Зеро, “Она табиатни асрайлик!” шиори остидаги ҳар бир ташаббус бугунимизни янада тоза, эртамизни эса барқарор ва яшил қилади.



Дилмурода МАШАРИПОВ,
Ўзбекистон Экологик партияси Хива шаҳар Кенгаши раиси.
Вчера, 14:40
Saytga qaytish